40дан зиёд ўзбек корхонаси Хўжандда ўз маҳсулотини намойиш этди

Тожикистоннинг Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида 6-7 июль кунлари Сўғд 2018 — V Халқаро савдо ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Хўжанддаги спорт саройида ташкиллаштирилган халқаро тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлар экан, Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода барча иштирокчиларга омад тилаб, бундай халқаро тадбирлар давлатлараро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Ўтган йили илк бор ўзбекистонлик ишбилармонлар 32 та корхона билан мазкур ярмаркада иштирок этган бўлса, бу йил Тожикистонда ўз маҳсулотларини намойиш этишни истаган корхоналар сони 40 дан ошди.

Ўзбекистонлик ишбилармонлар, айниқса, турли техника, текстил, озиқ-овқат, саноат моллари, маиший кимё, полиграфия маҳсулотлари билан иштирок этди.

— Бизнинг мини фабрикамиз 100 ишчи қувватига эга. Кунига 700-800 дона болалар кийим кечаги ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз 100 фоиз соф пахтадан тайёрланади. Чиқараётган маҳсулотларимизни Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга эскпорт қилиб келмоқдамиз. Энди ўзимиз учун Тожикистон бозорини очошга қарор қилдик, — дейди «Mini Max Elegant» МЧЖ бош менежери Аброр Баҳодирхўжаев.

Ўзбекистонлик ишбилармонларнинг стендлари харидорлар билан гавжум бўлди.

Масалан, электр трансформаторлар ва электротехника ускуналар ишлаб чиқарувчи «ELSTAN» МЧЖнинг стенди Сўғд вилояти раиси Р.Аҳмадзодада ҳам катта қизиқиш уйғотиб, бундай замонавий трансформаторларни Сўғд вилоятида ҳам йиғишни йўлга қўйиш ҳақида битим имзоланди.

— 2003 йилда очилган корхонамизда бугунги кунда 14 кВтдан 140 кВтгача бўлган 107 хил электр ускуналар ишлаб чиқарамиз. «Обод қишлоқ» дастури бўйича ободонлаштирилаётган ҳудудларга ҳам, намунали уйларда ҳам маҳсулотларимиз ўрнатилмоқда. Ўзбекистоннинг 30 фоиз ҳудудида трансформаторларимиздан фойдаланилмоқда, — деди корхона ходими Худойназар Бекчанов.

Биз Х.Бекчановдан интервью олаётган чоғимизда Хўжанд вилояти ижроия ҳукумати раисининг ўринбосари Жамшид Абдуқаюмзода келиб, вилоят раиси топшириғига кўра, «ELSTAN» МЧЖ билан битим имзолаб кетди.

Умуман олганда, Тожикистон корхоналари, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, ўзбекистонликлар саноат маҳсулотларини намойиш этишди ва стендларимиз барчада бирдек қизиқиш уйғотди. Ҳаттоки «Бу йил ўзбекистонликлар музқаймоқларини олиб келишмапти», деган эътирофларни ҳам эшитдик.

6 июнь куни кечқурун тадбир иштирокчилари ҳурматига Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода қабул ташкиллаштирди.

Ярмарка доирасида Фарғона водийсида умумий туризм йўналишида лойиҳалар ҳам муҳокама этилди. Ярмаркани МДҲ давлатларидан келган кўплаб журналистлар ёритгани ҳам ушбу тадбирга бўлган қизиқишнинг ниҳоятда юқори эканлигидан далолат бериб турибди.

Манба: kun.uz

EnglishRussia